АҚШ ва Европа Иттифоқи Украинадаги можарони тартибга солишга қаратилган Минск келишувлари доирасида Россиядан унга қўйилган мажбуриятларнинг тўлиқ бажарилишига эришишни истамоқда. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби ўринбосари Энтони Блинкен навбатдаги галда айтиб ўтди.

Блинкеннинг айтишича, АҚШ ҳозирги замоннинг чақириқлари олдида “ўз роли ва мажбуриятини” аниқ англайди. “Биз барча дунё муаммоларини ҳал қила олмаймиз. Ва биз уларнинг бирортасини ҳам бир ўзимиз ҳал қила олмаймиз. Бироқ биз бу таҳдидларга жавоб бериш учун АҚШнинг бу таҳдидларга қарши тура олиш ва ўз ортидан дунё ҳамжамиятини эргаштира олишдек ноёб қобилиятидан фойдаланамиз”, дейди дипломат.

Блинкен Россиянинг Украинага нисбатан тутган йўли ва Пекиннинг Жанубий Хитой денгизидаги ҳаракатлари ўртасида ўхшашлик борлигини айтмоқда. “Украина шарқида ҳам, Жанубий Хитой денгизида ҳам бир томонлама равишда ва мажбурлаш усули билан тартиб ўрнатишга қаратилган ҳаракатларни кўрмоқдамиз”, деб айтмоқда Блинкин. Блинкиннинг фикрича, Хитой ва Жанубий Хитой денгизидаги ҳудудий баҳсларнинг қолган иштирокчилари ҳам “иғвогар ҳаракатларни бас қилиб, келишмовчиликни қонун доирасида ҳал қилишлари керак”.

Блинкеннинг айтишича, АҚШ келгусида ҳам ўзининг “енгилмас ҳарбий салоҳияти, динамик иқтисодиёти ва дунёда тенги йўқ инсон капитали” ва “қобилиятли ҳамкорларига” таянган ҳолда “куч позициясидан дунё ҳамжамиятини ўз ортидан эргаштиришда” давом этади.