Грециянинг Миконос оролидан Истамбулга кетаётган Celestyal Crystal круиз лайнери Pimlico танкер билан тўқнашиб кетди.

Тўқнашув Дарданелл бўғозининг шимолий қисмида юз берди. Тўқнашув оқибатида лайнернинг бир неча йўловчиси жароҳат олди, деб хабар бермоқда ТАСС ахборот агентлиги.

“Олинган маълумотларга кўра, танкердаги резервуарлар шикастланган, улар ичидаги суюқлик оқиб чиққан, оқиб чиққан суюқлик миқёси номаълум. Маълумотларга кўра, тўқнашув иккала кема айби билан содир бўлган, кемалар ҳаракатини бошқариш маркази уларни тўқнашув хавфи борлигидан хабардор этган”, дейилмоқда Совфрахт денгиз бюллетени интернет-нашри берган хабарда.

Круиз лайнерида 853 нафар йўловчи ва 382 нафар кема экипажи бўлган. Тўқнашув маҳаллий вақт билан 01.25 да содир бўлган. Pimlico танкери Туапседан Мальтага кетаётган бўлган. Иккала кема ҳам Галлиполи яримороли яқинида лангар ташлади.