Тунислик ғаввослар 26 июнь куни Ўрта Ер денгизи соҳилидаги Сус шаҳри яқинидаги меҳмонхонага ҳужум қилганлардан бирининг телефонини топишди. Бу ҳақда Mosaique FM хабар қилди.

Ғаввослар террорчилик ҳужуми бошланишига гувоҳ бўлганлардан бирининг кўрсатмасига биноан денгиз тубини текширишган. Гувоҳ соҳилга катер орқали сузиб келган жангарилардан бири ўқ отишни бошлашдан олдин телефонини сувга улоқтирганини айтиб берганди.

Айни вақтда бу телефон мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 26 июнь куни Туниснинг Сус шаҳри яқинидаги Riu Imperial Marhaba ва Mouradi Palm Marina номли бешюлдузли меҳмонхоналарга 2 нафар террорчи ҳужум қилган ва 39 нафар сайёҳни отиб ташлаган, 39 нафарини жароҳатлаганди. Жангарилардан бири отишма вақтида ҳалок бўлган, иккинчиси қўлга олиниб, тергов қилинмоқда.