"ИШИД" террорчилари ташкилоти 26 июнь куни Тунисдаги меҳмонхоналарга уюштирилган қуролли ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди.

"Бизнинг биродарларимиз ва аскарларимиз ўз жонларини аямасдан Imperial Marhabа меҳмонхонасига ҳужум уюштиришди", деб ёзилади жангарилар твиттерида.

Охирги маълумотларга кўра, Сус шаҳри яқинидаги икки меҳмонхонада жами 39 киши ўлдирилган ва 36 киши жароҳатланган. Ҳалок бўлганлар орасида Буюк Британия, Германия ва Бельгия фуқаолари борлиги маълум қилинган.

Полициянинг аниқлашича, Эль-Кантауи шаҳридаги меҳмонхонага уюштирилган ҳужумда иштирок этган ва қўлга тушган жангарилардан бири Сайфуддин Ар-Резки исмли тунислик талаба бўлиб, у 2014 йилда бакалавр дипломини олган ва магистратурага ўқишга кирганди. Унинг курсдошлари охирги вақтларда Ар-Резки Кейруан шаҳридаги масжидга серқатнов бўлиб қолгани ҳақида маълумот беришган.

Бироз олдинроқ, "ИШИД" жангарилари Кувайтдаги масжидда амалга оширилган теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олганди.