Нью-Йоркда 27 июнда Россияда нишонланадиган Ёшлар куни муносабати билан “Россияни бил” деб номланган маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Америкаликларига Россия ҳақидаги оддий саволларга тўғри жавоб эвазига сувенирлар – Россия президенти Владимир Путин тасвири туширилган футболка, матрёшкалар, православ авлиёлари тасвирлари туширилган тақвимлар, Россия пойтахти манзаралари тасвирланган откриткалар таклиф этилди.

Тадбир иштирокчиларига Россиянинг исталган учта шаҳри, рус ёзувчиси ёки мусиқачисининг номини айтиш вазифаси қўйилди. Тадбир ташкилотчиларининг фикрларича, бундай тадбирлар америкаликларнинг Россия тарихи борасидаги билимларини кенгайтиришга хизмат қилади.

“Иштирокчиларга оддий саволлар берилди: “Дунёдаги энг катта давлат қайси?”, “Қайси давлат Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага кўпроқ ҳисса қўшган?” ва шу каби. Бироқ кўпчилик америкаликлар шундай оддий фактларни ҳам билмас эканлар”, деб айтмоқда “Русская молодежь Америки” ташкилоти вакили Игорь Кочан.