Олма-отада Ўзбекистоннинг гиёҳвандликка ва гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашдаги ютуқлари тақдимоти ўтказилди

Ушбу тадбир Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси томонидан ташкил қилиниб, унда маҳаллий эксперт-таҳлилий жамоатчилиги ва ОАВлар вакиллари иштирок этишди.

Тадбирга йиғилганлар Ўзбекистонда гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши олиб борилаётган фаолият, 2011-2015 йилларга мўлжалланган гиёҳвандликка ва гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмасига қарши чора-тадбирлар давлат дастури мақсад ва вазифалари билан таништирилди.

Учрашув давомида Ўзбекистон ҳукумати томонидан олиб борилаётган мақсадли йўналтирилган фаолият туфайли мамлакатдаги наркоголик вазият халқаро стандартлар нуқтаи назаридан ҳеч қандай хавотир уйғотмаслиги, аҳоли ўртасида бу борада олиб борилаётган ахборот-тушунтириш ишларининг самарадорлиги ошгани ва мамлакатда гиёҳвандлар сони камаётгани кузатилаётгани таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистоннинг гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига барҳам беришга, профилактик ва ижтимоий-маърифий тадбирлар орқали уларга талабнинг қамайтиришга қаратилган комплекс ва мувозанатлашган ёндашуви гиёҳванд моддаларга қарши муваффақиятли фаолиятга ижобий мисол бўлиб хизмат қилиши мумкинлиги айтилди.

Бу ёндашув 2014 йилда 2013 йилга нисбатан мамлакатдаги нарковазиятни кўрсатувчи асосий кўрсаткичларнинг сезиларли даражада, яъни аниқланган гиёҳванд моддалар савдоси ҳолатларининг 1,23 маротаба, улар контрабандаси ҳолатларининг 1,03 маротаба, гиёҳванд моддалар сақловчи ўсимликларни ўстириш ҳолатларининг 1,13 маротаба, гиёҳвандликдан азият чекувчилар бирламчи кўрсаткичининг 3,8-4 маротаба камайишига имкон берди.

Умуман олганда, Ўзбекистонда гиёҳванд моддаларни ноқонуний тарзда тарқатиш билан боғлиқ жиноятлар сони 1,15 маротаба камайган.

Учрашувда Ўзбекистоннинг дунёда энг кўп миқдорда гиёҳванд модда ишлаб чиқарувчи Афғонистон билан бевосита чегарадош бўлишига қарамасдан, бугунда мамлакат афғон наркотрафигининг Марказий Осиёга кириб келиши йўлида ишғол қилиб бўлмас тўсиқ бўлиб тургани алоҳида таъкидлаб ўтилди.