АҚШ Қозоғистон ва унинг чегаралари яқинида ҳарбий базалар жойлаштиришни режалаштирмаяпти, деб айтди АҚШ қуруқликдаги қўшинлар қўмондони ўринбосари Уильям Хикман Қозоғистон телерадиокомпанияси журналистларига берган интервьюсида.

АҚШлик ҳарбий амалдор АҚШ армияси “ҳамкорлар излаш учун дунё сари одимлаётганини” айтди. Шу билан бирган Хикманнинг айтишича, тўқнашувлар содир бўлаётган давлатларга тинчликпарвар қўшинларни киритиш қарорини сиёсатчилар қабул қилади. Хикман Қозоғистон мустақил давлат сифатида тинчлик пайтида АҚШ билан ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш қарорини мустақил қабул қилди, деб айтмоқда.

Журналистларнинг “Бу Қозоғистон атрофида кейинчалий АҚШ қуроллари пайдо бўлади, деганини билдирмайдими?” деган саволга “Йўқ, мутлақо бундай эмас! Бизнинг Қозоғистонда базаларни ташкил этиш ёки жойлаштириш ниятимиз йўқ. Мақсадимиз бу ерга келиб, бирга ишлаб, бирга ҳамкорлик қилиб, кейин ортга қайтиб кетишдан иборат”, деб таъкидлаб ўтди Хикман.