Бугунги кунда Ўзбекистонда салкам 1400та оммавий ахборот воситаси фаолият юритмоқда. Улардан 4 таси агентлик, 689та газета, 283та журнал, 15та бюллетень, 66та телеканал, 34та радиостанция ва 304таси веб-сайтлар ҳисобланади. Бу ҳақда Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги маълумотларига таянган ҳолда “САБО” газетаси хабар бермоқда. 

Газетада келтирилишича, ушбу агентликнинг аpi.uz сайти ўтказган сўровномадаги “Ўзбекистон ҳақида янгиликлардан хабардор бўлиш учун қайси оммавий ахборот воситасидан кўпроқ фойдаланасиз?” деган саволга қатнашчиларнинг 26 фоизи ТВ, 16 фоизи газета, 4 фоизи радио ва 54 фоизи веб-сайтлар, дея жавоб берган.

“САБО”нинг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган махсус байрам сонида Kun.uz ва Xabardor.uz сайтларининг таъсисчиси - «Web expert» МЧЖ директори Мақсуд Асқаров билан батафсил суҳбат ҳам ўрин олган.

Қуйида шу суҳбат матни билан танишиш мумкин.

“Хориж сайтларни эмас, бизни ўқишсин!” 

- Kun.uz интернет-нашри 2012 йил январида рўйхатдан ўтган ва иш бошлаган, -дейди биз билан суҳбатда «Web expert» МЧЖ директори Мақсуд Асқаров. -Лойиҳага Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари институти талабаси Муҳрим Аъзамхўжаев асос солган. Нашр ўз олдига Ўзбекистон ва жаҳонда содир бўлаётган энг муҳим воқеа-ҳодисалар ҳақида тезкор, аниқ ва холис ахборот беришни мақсад қилиб қўйган.

2012 йил бошида ўзбек тилида кундалик, мунтазам, кунига ўнлаб хабарлар тарқатадиган сайтлар бармоқ билан санарли эди. Нашримиз ишончли ва тезкор ахборотга бўлган эҳтиёжни қондириш вазифасини бажарди ва айни кунда ҳам шу мақсадда иш олиб бормоқда.
2014 йил кузида сайт жамоаси бутунлай янгиланди ва фаолияти кенгайтирилди.

Хаbardor.uz эса 2014 йилнинг кузида иш бошлади. Бу сайт ҳам ўзбек интернет фойдаланувчилари учун муҳим ва қизиқарли маълумотлар етказиш, уларнинг ижтимоий тармоқлардаги вақтларини кўнгилли ўтказиш учун хизмат қилади.

Сайтлар нега айнан “Кун” ва “Хабардор” деб номланган?

Kun.uz га сайт кун давомида узлуксиз равишда янгиликларни узатиши назарда тутилган ҳолда шундай ном танланган.

Хаbardor.uz келсак, дастлаб бу сайт кенг қамровли портал бўлиши режалаштирилган, унда янгиликлар ҳам, қизиқарли маълумотлар ҳам, таҳлилий мақолалар ҳам ўрин олиши кўзда тутилгани боис шундай ном танланганди. Сайт Кun.uz билан бирлашгач, хабар узайтириш доираси торайтирилди, лекин брендга айланиб улгурган «хабардор» номи сақлаб қолинди.

- Ушбу сайтлар ўз олдига қўйган мақсадларга эриша олдими?
- Ҳозирги кунда янгиликлар сайтлари кўпайишда давом этмоқда. Шу пайтгача фақат хорижий тилларда фаолият олиб борган Ўзбекистондаги бошқа сайтлар ҳам ўзбек тилидаги версияларини ишга туширмоқда. Бундай шароитда рақобатни ҳис қилган ҳолда ишлашда давом этиш керак. Шу вақтгача эришилган ютуқлар қаторида эса Кун. “Ўзбекистонда ўзбек тилида ўқимишли сайт қилиб бўлмайди”, деган қарашларга барҳам бергани, биз билан ҳисоблашиша бошлашгани, мустақил ОАВ сифатида тан олишганини қайд этиш мумкин.
Айни вақтда сайтга ҳар куни камида 100дан ортиқ хабар жойлаштирилади, бу кўрсаткични 2 баробар оширишни галдаги мақсад сифатида қабул қилишимиз мумкин. Шунингдек, сайтга ҳар куни ўртача 60 минг ўқувчи ташриф буюради. Бу кўрсаткични ҳам босқичма-босқич ошириб боришни режа қилганмиз.
Хаbardor.uz эса ўзига хос аудиторияни йиғиб олди. Бу йўналишда ҳозирча рақобатчи йўқлигини ҳисобга оладиган бўлсак, мақсадларимизга осонлик билан эришиб боряпмиз.

- Бугунги кунда “Кун” ва “Хабардор” кимларни ўзига рақобатчи деб билади ёки бошқачароқ айтганда, қайси сайтларни эътироф этади?
- Аслида сайтлар фаолиятини кузатиб, керакли хулосаларни чиқариш ҳам мумкин... Сайтимизга доимий равишда кирмайдиганларни ўзига жалб қилган барча сайтлар рақобатчиларимиз ҳисобланади. Мақсадимиз эса, юқорида айтилганидек, ўзбек аудиториясининг ўзига керакли хабарларни хориж сайтларидан эмас, текширилган ва ўзбек тилида ёзилган маҳаллий сайтларда ўқишини таъминлашдан иборат.

- Ўзбекистонда интернет-журналистика ривожини қандай тасаввур этасиз?
- Йилдан йилга Ўзбекистонда интернет сайтлари аудиторияси кенгайиб бориши тайин. Бундай шароитда эса, ўз-ўзидан, сайтларнинг ривожланиши талаб қилинади, майдонда бу талабларга жавоб берганлар қолади.
Фикримча, келажакда интернетдан фойдаланиш маданияти ошади, интернет нашрларига муносабат яхшиланиб боради, реклама берувчилар ҳам асосан интернет нашрларга эътиборини қаратишади. Албатта, шунга яраша сайтимизга ташриф буюрувчилар миллионларга етган бўлади.

- “Хабардор”нинг ташқи кўринишида баъзи Россия сайтларига тақлид кўзга ташланади. Имижни ўзгартиришга ҳаракат борми?
- Ташқи кўриниш жиҳатидан рус сайтларига ўхшашликни тақлид деб баҳолаётганга ўхшайсиз. Ташқи кўринишдан ўхшашлик бўлишидан қочиб қутилиб бўлмайди. Айтиш жоизки, биз ҳар куни сайт имижини яхшилаш устида бош қотирамиз ва иш олиб борамиз. Ҳар куни янги ғоялар ва лойиҳалар ҳақида ўйлаймиз. Бу лойиҳаларни аста-секинлик билан жорий этиб борамиз ҳам.

-“Кун” интернет-ОАВ рейтингида пешқадамлардан бири эканлигини биламиз. Қолган рақамлар билан ҳам таништирсангиз...
- Сўнгги бир йил давомида сайтимизга 2 млн.дан ортиқ ташриф амалга оширилган. Кунига ўртача 55-60 минг, бир ойда эса тахминан 450-500 минг киши кирмоқда. Асосий, яъни 80 фоиздан ортиқ ўқувчилар Ўзбекистон ҳудудидан, қолган 20 фоизга яқини хориждан. Хусусан, Россия, АҚШ, Жанубий Корея ва Германиядан кирадиганлар кўп.
Энг талабгир хабарлар эса Ўзбекистон ҳаётига оид янгиликлар саналади. Шунингдек, шоу-бизнес ва спорт соҳасига оид янгиликларга ҳам қизиқиш катта.

- “Кун” ва “Хабардор”нинг шундай йўналишдаги бошқа сайтлардан фарқли жиҳатлари нимада?
-Бу бироз бетакаллуфлик бўлса ҳам қайд этишимиз жоизки, “Кun.uz” шу йўналишдаги бошқа нашрлардан фарқли тарзда энг кўп хабар тарқатадиган сайт саналади. Шунингдек, ҳафта ва кун давомида ишлаш вақти узунлигини алоҳида жиҳат сифатида санашимиз мумкин. Яъни, Kun.uz ҳафтанинг шанба ва якшанба кунлари ҳам тўлиқ тартибда ишлайди. Қолган фарқли жиҳатлар эса бундан кейин пайдо бўлишда давом этади.

- Сайтларнинг келгусидаги режалари қандай?
- Биринчи навбатда яқин вақт ичида бўладиган янгиликни айтаман: сайт учун мобил илова яратилмоқда ва тез кунлар ичида мухлислар хабарларни ўқишда янада қулайликларга эга бўлишади.
Қолаверса, сайтга жойлардан репортажлар уюштирадиган мухбирлар, фотомухбир ёллаш, интервью ва суҳбатлар бўлимини ташкил этишни режалаштирганмиз.
Биласиз, бу режаларнинг амалга ошиши молиявий ресурсларга бориб тақалади. Биз шундай муаммоларни бартараф этиш билан бирга янгидан-янги лойиҳаларни тақдим этиб боришимиз мумкин.