26 июнь, жума куни дунёнинг 3 мамлакатида терактлар содир этилди. Аввалига Францияда, кейин Кувайт ва Тунисда жангарилар бегуноҳ инсонлар ҳаётига қасд қилишди.

Дастлаб, Яссин Салҳи исмли террорчи Франциянинг Сен-Кантен-Фаллавье шаҳридаги кимёвий заводга бостириб кириб, корхона директорини ўлдирди ва бошқа ходимларни жароҳатлади.

Кувайтда эса, Эль-Кувайт шаҳри марказидаги Эс-Савабер туманидаги шиалар масжиди ичида портлаш содир бўлди ва жума ибодатига йиғилган намозхонлар ҳалок бўлди. ТАСС нашри мухбири бу теракт масжид ичидаги жангари ўз танасига ўрнатган бомбалар орқали амалга оширилган. Бу портлаш учун жавобгарликни "ИШИД" ўз зиммасига олди.

Шунингдек, Туниснинг Ўрта Ер денгизи соҳилидаги Сус шаҳри яқинидаги икки меҳмонхонада ҳам отишма содир бўлди ва меҳмонхонада дам олаётган маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг 39 нафари ўлдирилиб, 36 нафари оғир жароҳатлар олишди. Тунис радиосининг хабар беришича, қурбон бўлганлар орасида Буюк Британия, Германия ва Бельгия фуқаролари кўпчиликни ташкил этади. Охирги маълумотларда айтилишича, бу теракт меҳмонхонага сайёҳ ниқобида ташриф буюрган ва қуролини буюмлари орасига яширган 23 ёшли талаба томонидан амалга оширилган. У меҳмонхоналардан бирининг ҳудудида махсус хизмат ходимлари томонидан йўқ қилинган. Бу теракт учун жавобгарликни ҳам "ИШИД" ўз зиммасига олди.