Тунисда теракт пайтида камида 15 британиялик ҳалок бўлди. Буюк Британия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Тобис Эллвуднинг айтишича, бу рақам жасадлар шахси ўрнатилиши билан яна ортиши мумкин.

Эллвуднинг айтишича, бу теракт 2005 йил 7 июлдаги Лондондаги портлашлардан кейин Британия фуқароларига қарши содир этилган энг йирик теракт бўлди. Аввалроқ Буюк Британия Мудофаа вазири Майкл Фэллон таъкидлаганидек, бу терактда ҳалок бўлганлар ва жароҳат олганларнинг кўпчилигини британияликлар ташкил этмоқда.

26 июнь куни Туниснинг Сус шаҳрида террорчи “Империал Мархаба” ва “Совива” меҳмонхоналари ёнидаги пляжда одамларга қарата ўқ узган. Тунис ҳукумати ҳозирча терактда жабрланганларнинг миллати ҳақидаги аниқ маълумотни бермаяпти, бироқ улар асосан Буюк Британия, Бельгия, Франция ва Германия фуқаролари эканлиги маълум бўлмоқда. 39 нафар жароҳат олганлар орасида Украина ва Норвегия фуқаролари ҳам бор. Шунингдек, бир нафар Россия фуқароси ҳам жароҳат олган.

Хабар қилинишича, Тунисга мамлакат ҳуқуқ-тартибот муассасаларига ушбу терактни тергов қилишда ёрдам бериш учун Лондоннинг Скотленд-ярд полиция бошқармаси ходимлари йўл олганлар.