Арманистон президенти Серж Саргсян мамлакатда электр энергияга нархнинг ошишига қарши Еревандаги норозилик намойишларида иштирок этаётганларга энергетик соҳадаги муаммоларни биргаликда ҳал қилишни таклиф қилмоқда.

Ўз навбатида, намойишчилар президентнинг таклифига 28 июндаги намойишдан кейин жавоб беришларини айтишди.

Саргсян мамлакатни икки лагерга, яъни “бизларники ва сизларники”га ажратиш хавфлилигини таъкидламоқда. “Мен норозилик билдираётган ёшларимизга мурожаат қилмоқчиман: азиз ёшларимиз, жавобгарликни ўз зиммангизга олиш ва жамиятда шубҳа муҳитини камайтиришга имкон берадиган қадамларни ишлаб чиқишда иштирок этишдан қўрқманг”, деб айтди Саргсян.

Саргсян намойишчиларни “шаҳар марказини фалажлашни бас қилишга” ва Маршал Баграмян қўчасини бўшатишга чақирди. У, шунингдек, намойиш етакчилари билан учрашишга ваъда берди. “Биргаликда кўп нарсаларни амалга оширишимиз ва бу мураккаб жараённи якунлашимиз керак”, деб ўз мурожаатини ниҳоялади Саргсян.