Бельгиянинг Ғарбий Фландрия вилоятида британиялик 34 нафар мактаб ўқувчисини олиб кетаётган автобус ағдарилиб кетди. Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳавдовчилардан бири ҳалок бўлди, иккинчиси оғир жароҳат олди. Бу ҳақда воқеа яқинида жойлашган Мидделькерк шаҳри мэри Жанну Роммель-Опстаелга иқтибос келтирган ҳолда “Reuters” ахборот агентлиги хабар берди.

Ўқувчилардан баъзилари енгил жароҳатлар билан шифохоналарга ва маҳаллий тиббиёт марказларига жўнатилдилар.

Шаҳар мэрининг айтишича, автобус мактаб саёҳатларини амалга оширадиган Британиянинг NST компаниясига тегишли бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ичида 34 нафар ўқувчи, уларни кузатиб бораётган 6 киши ва икки нафар ҳайдовчи бўлган автобус трасса четидаги қияликдан тушиб кетиб, ағдарилиб кетган. Бунга нима сабаб бўлгани ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.