Эквадор президенти Рафаэль Корреа Беларусга уюштирган расмий ташрифи вақтида АҚШ ҳукумати Эквадорга нисбатан босим ўтказиш орқали мамлакатдаги вазиятни издан чиқараётгани ҳақида айтиб берди. Бу ҳақда "БелТА" хабар берган.

"Улар бизни инсон ҳуқуқларига риоя этмаганликда айблашади. Ўзингиз тасаввур қилинг, тинимсиз қотилликлар ва жиноятлар рўй бериб турадиган, Гуантанамо қамоқхонасида қийноқлар амалга ошириладиган давлат бизга шундай деди. Бу бизни ранжитди, ахир биз инсон ҳуқуқларига тўла равишда амал қиламиз", дейди Корреа.

Унинг айтишича, АҚШ айни вақтда Эквадор, Боливия, Венесуэла ва Аргентина мамлакатларидаги вазиятни издан чиқариш мақсадида навбатдаги кампанияни бошлаган.

Бундан ташқари, Корреа Минск шаҳрини Иккинчи жаҳон урушидан кейинги давр миқёсидаги кам сонли "Қаҳрамон шаҳарлардан бири" деб атаган.