Туркия ўзининг жанубий чегараларида, Суриянинг шимолий қисмида курдлар давлати пайдо бўлишига йўл қўймайди. Бу ҳақда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған маълум қилди.

"Туркия ҳеч қачон Сурия шимолида, ўз чегаралари билан ёндош ҳудудда курдлар давлати қурилишига рухсат бермайди", деди президент 28 июнь куни Аль-Арабия телеканалига берган интервьюсида.

Унинг айтишича, расмий Анқара бу иш содир бўлмаслиги учун барча зарур чораларни кўради.

Қайд этиш жоизки, Эрдўғаннинг бу чиқиши Суриянинг Туркия билан чегара қисмидаги Кобани шаҳрини 27 июнь куни курдлар армияси "ИШИД"дан қайтариб олишидан кейин рўй берди. Айни вақтда бу шаҳар назорати тўла равишда курдлар қўлига ўтган.

Шунингдек, Сурия шимолидаги яна бир шаҳар Хасекеда ҳам суриялик аскарлар ва курдлар ўзаро битим тузишган ҳамда бу шаҳарни "ИШИД"дан ҳимоя қилишда ҳамкорлик қилинишига келишилган. Бунинг эвазига курдлар шаҳар маъмурияти биносига ўз байроқларини осишган ҳамда шаҳарни идора қилишни бошлашган.