Испания Профессионал футбол лигаси Спорт арбитраж судига ФИФА устидан Қатардаги 2022 йилги жаҳон чемпионати ноябрь-декабрда ўтказилиши юзасидан даъво аризаси топширди. Бу ҳақда Испаниядаги “АС” нашри хабар тарқатмоқда. 

Лига уч нафар мустақил эксперт ёрдамида ҳисоб-китоб ўтказиб, унга кўра жаҳон чемпионати ўтказилиши муддатлари кўчирилишидан лига 65 млн евро зиён кўриши аниқланди. Бу эътирозларга барча Европа футбол лигалари рози бўлди, бироқ расмий даъво қилувчи сифатида фақат испан лигаси чиқмоқда.

Ўтган йилнинг декабрида Европа клублари уюшмаси ва Европа профессионал футбол лигалари уюшмаси 2022 йилги жаҳон чемпионатини 5 майдан 4 июнгача ўтказишни тақлиф қилишганди. Бироқ ФИФА Қатардаги жаҳон чемпионатини ноябрь-декабрда ўтказишга қарор қилди. Чемпионат 28 кун давом этиши ва финал учрашуви 18 декабрда бўлиб ўтиши белгиланган.

ФИФАнинг бу қарори Қатарда ёзда ҳаво ҳарорати 40 градусдан ошиб кетиши билан боғлиқ ҳолда қабул қилинган. ФИФА бу қарорга келишда 2022 йилги Қишки Олимпия ўйинлари ўтказилиши муддати (4-20 февраль) ва 2022 йилда Рамазон ойи бошланиши вақтини (2 апрель) ҳисобга олган.