Карелияда ўтказилган “Белие ночи” раллиси пайтида автомобиллардан бирининг ғилдираги остидан отилиб чиққан тош бир томошабин аёлнинг ўлимига сабаб бўлди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Ўтказилган текширув ва барча тафсилотлар аниқлаштирилгандан кейин пойганинг махсус участкасида маҳаллий аёллардан бири томошабинлар учун ажратилган ҳудуддан чиқиб кетиб, пойга машинасининг остидан отилиб чиққан тош зарбасидан ҳалок бўлгани маълум бўлди. Бахтсиз воқеа пойгаларнинг биринчи куни, 26 июнда содир бўлди. Аёлнинг жасадини пойга автомобилларидан бирининг экипажи Москва вақти билан 19:00 ларда аниқлади.

“Белие ночи” Россияда қадимдан ўтказиб келинадиган пойга бўлиб, илк бор 1963 йилда ўтказилган. 1995 йилдан эса Карелия ҳудудида ўтказиб келинади. Бу ерда кўплаб кескин бурилишларга эга жуда мураккаб трассалар жуда кўплаб учрайди. Пойга ташкилотчиларининг маълумотларига кўра, бу пойгаларни томоша қилиш учун ҳар йили тахминан 70 мингдан зиёдроқ томошабин йиғилади.