Малайзиянинг Malaysia Airlines миллий авиакомпанияси Украина шарқида фалокатга учраган MH17 рейси бўйича парвоз амалга оширган Boeing самолёти қурбонлари оилаларига яқин орада товон пули тўлашни ўз ниҳоясига етказади. Бу ҳақда Малайзия транспорт вазири Лиоу Тионг Лай 28 июнь куни маълум қилди.

“Менга маълум бўлишича, бир неча оилаларгина товон пули олмаган ва бунга пулни олиши керак бўлган қонуний олувчиларни аниқлаш зарурлиги сабаб бўлмоқда”, деб айтди Лай.

Лай БМТ ва ИКАОни (ICAO — International Civil Aviation Organization – Фуқаролик авиацияси халқаро ташкилоти) фалокатнинг сабабини ўрнатишга ҳаракат қилаётган терговчиларни тезроқ ва самарали ишлашини ва улар томонидан тегишли ҳисоботларни чоп этилишини таъминлашга чақирди.

Маълумот учун, MH17 рейси бўйича Амстердамдан Куала-Лумпурга учиб кетаётган самолёт Украинанинг Донецк вилоятида 2014 йилнинг 17 июлида фалокатга учраган. Самолётда 298 нафар йўловчи бўлган. Улардан кўпчилигини Нидерландия фуқаролари ташкил қилган. Киев ушбу фалокатда айирмачиларни айблаган, бироқ улар самолётни бундай баландликда уриб туширадиган воситаларга эга эмасликларини айтиб, бу айбловни инкор этишган. Нидерландияда 2014 йилнинг сентябрида самолёт “кўп сондаги юқори энергетик объектларнинг ташқи таъсиридан олинган шикастланишлар” оқибатида қулаганини тасдиқловчи дастлабки ҳисобот чоп этилган эди. Бироқ бу объектларнинг манбасини аниқлашга муваффақ бўлинмаган.