Россия ва Германия ўртасидаги муносабатлар жиддий имтиҳондан ўтмоқда, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

Бу ҳақда Германия канцлери Ангела Меркель Германия-Россия биродар шаҳарлари 13-анжуманидаги табрик сўзида айтди.

Меркель бу ҳолат асосан Украинадаги можаро сабабли юз бераётганини таъкидлаб ўтди.

“2015 йил Германия ва Россия муносабатларидаги жиддий имтиҳон остида ўтмоқда. Авваламбор Украинадаги вазият катта келишмовчиликларга олиб келмоқда. Шу муносабат билан очиқча суҳбат учун барча имкониятлардан фойдаланиш жуда муҳим ҳисобланади. Тўғридан-тўғри суҳбат Германия-Россия биродар шаҳарлари анжумани учун алоҳида қимматга эга бўлади”, деб айтилди Меркелнинг табрик сўзида.

Аввалроқ Меркель Украинадаги вазият ҳали ҳам ташвиш уйғотаётганини айтган эди. Бундан ташқари, Меркелнинг айтишича, Россия Минск келишувларига амал қилишини намоён қилиши зарур.