Нигериянинг шимоли-шарқий қисмида содир этилган терактда камида уч киши ҳалок бўлди, 16 киши жароҳат олди, деб хабар бермоқда Рейтер ахборот агентлиги.

Тиббий ходимлар ва гувоҳлар берган маълумотларга кўра, теракт Майдугури шаҳрида содир бўлган. Шаҳардаги шифохоналардан бирига икки аёл кирмоқчи бўлган, бироқ улар қўриқчилар томонидан бинога кираверишда тўхтатиб қолинган. Шундан сўнг аёллар ёнларида бўлган портловчи қурилмани ҳаракат келтиришган.

Теракт оқибатида икки қўриқчи ва бир фуқаро ҳалок бўлди. Жабрланганлар шифохонага зарурий тиббий ёрдам кўрсатиш учун ётқизилди.

Айни пайтда мамлакатда фаолият юритаётган бирорта ҳам радикал гуруҳ ушбу теракт учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади.