Экстремизм учун судланган икки нафар Ўзбекистон фуқароси сўроқ пайтида Қирғизистонда терактлар уюштиришни ва ҳукуматни тўнтаришни режалаштирган, Қорасувдаги “Ас-Сарахсий” масжиди имоми Рашид Камолов билан алоқада бўлганларини айтишган.

Рашид Камолов ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимлари томонидан 2015 йилнинг февралида диний эсктремизм, террорчилик ғояларини тарғиб қилгани, Ироқ ва Сурияга жангариларни ёллагани учун қўлга олинган эди.

Сўроқ қилинган иккала судланувчи – Шуҳрат Мавлонов ва Файзулло Аминов 2015 йилнинг 25 майида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати терговчиси А.Иброҳимов томонидан Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги сўрови билан сўроқ қилинган.