Тунисдаги энг катта аэропортлардан бири, Монастир шаҳридаги Хабиб Бургиба номидаги аэропорт 27 июнь куни одатдагидан фарқли ўлароқ, Сус шаҳридаги терактдан кейин мамлакатга Европадан ташриф буюраётган сайёҳлар сони бўйича рекорд даражадаги паст натижани қайд қилди.

Аэропорт вакилининг берган маълумотларига кўра, мамлакатга Лондондан 40 йўловчи, Манчестердан 34, Бельгиядан 64 йўловчи ташриф буюрган. “Одатда бундай пайтда юзлаб сайёҳлар келар эди. Бироқ бугун киришда умуман ҳеч ким йўқ, ҳамма навбатлар жўнаб кетиш йўналишида кузатилмоқда”, деб айтмоқда аэропорт вакили.

Тунис ОАВларининг хабар беришича, юзлаб хорижий сайёҳлар мамлакатда дам олишдан бош тортиб, меҳмонхоналарни тарк этмоқда. Тунис ҳукумати сайёҳларнинг хавфсизлиги учун барча чоралар қабул қилинганини айтишига қарамасдан, сайёҳлар сафарларини тугатмоқда ва ҳали бошланмаганларини бекор қилмоқда.

Тунис давлат ғазнасига тушадиган хорижий валютадаги умумий тушумларнинг 20 фоизини сайёҳликдан олади. Бу соҳада 500 мингга яқин одам фаолият юритади.

Тунис ҳукумати Сусдаги терактни “миллий иқтисодиётга даҳшатли зарба бўлди” деб айтмоқда. Сусдаги терактдан кейин мамлакат раҳбарияти ушбу йилдаги сайёҳлик мавсуми касодга учрашини тахмин қилмоқда.