Gulf News газетаси дистрибьютори БАА пойтахти Абу Дабидаги автотураргоҳлардан бирида 9 минг дирҳам топиб олиб, уни эгасига қайтарди. Бу ҳақда нашрнинг ўзи хабар бермоқда.
Асли покистонлик Навид Аҳмад Краун Плаза автотураргоҳида жиянини кутиб турганида 9 минг дирҳам пул топиб олди. Дистрибьюторнинг тан олишича, илгари у ҳеч қачон бунча пул кўрмаган.

Шунга қарамай, Аҳмад ушбу пулларни Ҳолидия полиция департаментига топширди. Полиция ходимлари муҳожир бир муддатдан сўнг хатти-ҳаракатлари учун пул мукофоти ёки медаль билан тақдирланишини айтишди.

“Унинг онаси жарроҳлик амалиётида бўлгани боис Аҳмадга пул зарур эди. Шунга қарамай, Аҳмад бир лаҳза ўйламай энг тўғри қарорга келди. Gulf News жамоаси у билан фахрланади”, – деди гуруҳ менежери Салим Паркар.
Икки йил муқаддам шу дистрибьюторнинг ўзи учта тилла занжир топиб олиб, уни полицияга топширган эди.