600 нафардан ортиқ британиялик полициячилар Тунисдаги меҳмонхоналарда амалга оширилган терактлар бўйича тергов-суриштирув ўтказиш ишларига жалб қилинди. Бу ҳақда Скотленд-Ярднинг аксилтеррор бўлими координатори Марк Роули маълум қилди.

26 июнь куни Туниснинг Сус шаҳри яқинидаги меҳмонҳоналарда амалга оширилган терактларда Буюк Британиянинг 15 нафар фуқароси ҳалок бўлган.

Марк Роулининг айтишича, бу амалиёт 2005 йилдан бери илк марта Буюк Британия полициясининг кенг кўламли амалиётга жалб қилиниши бўлмоқда. 2005 йилдаги терактлар оқибатида 52 киши ҳалок бўлганди.

Айни вақтда Буюк Британия ҳукумати аксилтеррор бўлимнинг 16 нафар офицерини Тунисга жўнатиб улгурган.

Шунингдек, мамлакатдаги аэропортларда 308 нафар полиция ходими Тунисдан қайтиб келаётганлар билан суҳбат ўтказиш учун жойлаштирилган.

Роулининг қўшимча қилишича, бу жараёнда МИ-6 ва МИ-5 жосуслик хизмати вакиллари ҳам иштирок этишади.