Ҳиндистоннинг Бихар штатида жойлашган Нирпур қишлоғидаги мактабнинг 7 ва 8 ёшдаги икки нафар ўқувчиси мактаб яқинидаги ариқда ўлик ҳолда топилгандан кейин ғазаб билан тўлиб-тошган маҳаллий аҳоли мактаб директорини ўласи қилиб дўппослади.

Директор Патна тиббиёт коллежи қошидаги шифохонага оғир аҳволда олиб келингандан кейин шу ернинг ўзида олинган жароҳатлардан вафот этди. Бу ҳақда Hindustantimes.com портали хабар бермоқда.

Бу воқеадан ғазабга келган ўлган ўқувчиларнинг оила аъзолари бошчилигидаги халойиқ директорга ҳужум қилишдан олдин мактаб автобуси ва мактабдаги иккита хонани ёқиб юборган. Воқеа жойига юборилган полициячилардан 8 нафари халойиқни тинчлантириш пайтида жароҳат олди.

Полиция вакилининг айтишича, дастлабки маълумотларга кўра, ҳалок бўлган ўқувчилар ариқ бўйига яна икки нафар ўқувчи билан келишганда оёқлари сирпаниб, ариқдаги сувга тушиб кетиб, чўкиб кетишган. Бахтга қарши бундан бир кун аввал ёмғир ёғгани туфайли ариқдаги сув сатҳи ҳам анча юқори бўлган.