Лондоннинг “Арсенал” футбол жамоаси “Челси”нинг чехиялик дарвозабони Петр Чехни харид қилганини тасдиқлади.

33 ёшли футболчи “канонирлар” билан узоқ муддатли шартнома имзолади.

Жамоалар транфсер қийматини ошкор қилишмаяпти, бироқ аввалроқ “Арсенал” Чехга 11 млн фунт стерлинг тўлаши ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлган эди.

Ушбу муносабат билан “Арсенал” бош мураббийи Арсен Венгер Чехнинг ўйинига таҳсин айтишини ва унинг жамоага ўтишидан хурсандлигини билдириб ўтди.

“Петр Чех мен узоқ вақт давомида таҳсин айтиб келган ўйинчи ва у бизга қўшилишга қарор қилганидан жуда хурсандман. У кўплаб мавсумлар давомида дунёдаги энг атоқли дарвозабонлардан бири эканлигини исботлаб келди. У бешак жамоамизга куч қўшади”, деб айтди Венгер.