Беверли-Хиллзда ҳар йили анъанавий тарзда икки кун давомида ўтказиладиган “Голливуд афсоналари” аукциони ўз ниҳоясига етди. Бу сафар аукционга қўйилган АҚШлик киноюлдузларга тешишли бўлган буюмлар орасида афсонавий актриса Мэрилин Монро ва малика Дианага тегишли кўйлаклар ҳам бор эди.

Аукцион ташкилотчилари Монро ўзининг охирги “Нимадир содир бўлиши керак” деган сўнгги фильмида (охиригача олинмай қолиб кетган) суратга тушган кўйлагини 300 мингдан 500 минг долларгача сотишни мўлжаллашган эди. Натижада гулли безакка эга шойи кўйлак коллекционерлардан бири томонидан 353 минг долларга сотиб олинди.

Кинематография экспертлари бу кўйлакни “лаънатланган” деб ҳисоблашади. Бу кўйлакда бўлган Монро қаҳрамони сценарий бўйича фильмда ўлган деб ҳисобланиб, 5 йилдан кейин турмуш ўртоғи кўз ўнгида пайдо бўлиши керак бўлган. Фильмни суратга олиш давомида фильм режиссёри Жорж Кьюкор билан Мэрилин Монро ўртасида кўплаб баҳслар юза келган ва режиссёр актрисани бўшатиб юборишга қарор қилган. Шундан кейин катта можаро юзага келган, бунинг оқибатида режиссёрнинг ўзи ишдан бўшатиб юборилган. Монро билан эса фильмда суратга тушиш бўйича янги шартнома тузилган, бироқ актриса суратга олиш майдончасига бошқа қайтиб бормаган, чунки шартнома имзолангандан кейин кўп ўтмай актриса ухлатувчи дори воситасидан меъёридан ортиқча истеъмол қилиб юборгани оқибатида вафот этган.

Шунингдек, аукционга қўйилган малика Диананинг кўйлаги 197 минг долларга, “Рокки” фильмидаги Сильвестр Сталлоне қаҳрамонига тегишли бўлган бокс қўлқоплари 34 минг долларга сотилди.