26 июнь куни Ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентлик ва Chuo Sangyo Shinko уюшмаси ўртасида стажёрларни техник тайёрлаш дастури бўйича келишув имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифаси орқали хабар қилинди.
Ўзбекистон меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг Япония таълим соҳасидаги халқаро ҳамкорлик ташкилоти (JITCO) билан келишуви амалга татбиқ этила бошланди. Ушбу келишув доирасида ўзбекистонлик стажёрларнинг биринчи гуруҳи жорий йилнинг октябрида Японияга йўл олади. Бу вазирлик матбуот хизматининг таҳририятга йўллаган хабарномасида айтиб ўтилган.

2015 йил февралидан буён Chuo Sangyo Shinko вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюриб, касб-ҳунар коллежларидаги таълим жараёнларини кузатишди. Улар коллежларда юқори малакали мутахассислар тайёрланаётганига ишонч ҳосил қилишди. Шундан сўнг олиб борилган музокаралардан сўнг томонлар ўзбекистонлик мутахассислар Японияда 2 йил давомида меҳнат стажировкасини ўташи борасида келишувга эришди.
Шу мақсадда Япония компаниялари вакиллари 30дан ортиқ номзод билан суҳбат олиб борди. Асосий кўрсаткичлар сифатида меҳнатга лаёқатлилик ва япон тилини билиш ҳисобланди. Танлаб олинган номзодлар тил ўрганиш курсларидан ўтганидан сўнг хорижга юборилади.

“Стажёрни техник тайёрлаш” дастури Chuo Sangyo Shinko уюшмасининг ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича агентликнинг қўшма лойиҳаси бўлиб, унинг доирасида хорижлик мутахассислар Япониядаги ишлаб чиқариш жараёнига жалб қилинади. Дастур доирасида тузиладиган меҳнат шартномалари 2 йилга мўлжалланади.