Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки Амалиёт бошқармасига қарашли янги “Ўрда” мини-банки иш бошлади. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар бермоқда. Мазкур мини-банкнинг очилиш маросимида турли давлат ва жамоат ташкилотлар вакиллари, банк мутасаддилари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Мамлакатимизда кейинги йилларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш борасида молия муассасалари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами ниҳояда кенг. Бу борада “Микрокредитбанк” АТБ томонидан халқимиз фаровонлиги йўлида амалга оширилаётган ишлар мисол бўла олади. 

Бугунги кунда банк тармоғи, 85 та филиал ва 140 та минибанклар республикамизнинг барча минтақаларидаги жумладан, энг чекка ҳудудлардаги аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг банк хизматларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтирди ва банк мижозлари сони қарийб 290 мингтани ташкил этмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, банк томонидан биргина жорий йил бошидан буён кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида жами 705,7 млрд. сўмлик кредитлар ажратилди. 
Бунда асосий эътибор тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилиб, аҳолининг меҳнатга лаёқатли қатламини, шу жумладан, хотин-қизларни, ёшлар, коллеж битирувчиларини тадбиркорлик соҳасига жалб қилиш, иш билан таъминлаш борасида қатор тадбирлар амалга оширилди. 

Банк томонидан ёшларни тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, коллеж битирувчиларини кичик бизнесга жалб этиш борасида ҳам кенг кўламли ишларни амалга оширилди ва уларга 18,3 млрд. сўмлик кредитлар ажратилди. Шунингдек, аёллар тадбиркорлигини ривожлантиришга 36,3 млрд. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилиб, белгилаб олинган вазифалар тўлиқ амалга оширилмоқда.