Жорий йилнинг 26-28 июнь кунлари Австралиянинг Мельбурн шаҳрида ўтказилган очиқ чемпионатда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган уч нафар таэквондочидан икки нафари совриндорлар сафидан ўрин эгаллади.

Дунёнинг қирқдан зиёд давлати вакиллари иштирокида ўтказилган мазкур нуфузли мусобақада ҳамюртларимиздан, шу йил Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати ғолиби Дмитрий Шокин (+87 кг) Австралияда ҳам шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилиб, ўз вазнида дунёда тенгсиз эканлигини яна бир карра исботлаган бўлса, Жаҳон чемпионати кумуш медаль совриндори, Осиё ўйинлари ғолиби Жасур Бойқўзиев финалга қадар кечган баҳсларни ғалаба билан якунлаб, кумуш медаль совриндори бўлди.

Мазкур халқаро мусобақада Дмитрий Шокин ва Жасур Бойқўзиевдан ташқари 2014 йили Нанкин (Хитой)да бўлиб ўтган ўсмирлар олимпиада ўйинлари совриндори Умида Абдуллаева ҳам иштирок этди.

Маълумот учун. Австралия очиқ чемпионатида 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари учун рейтинг очколар ҳам ўйналди. Ҳар бир вазн тоифасида ғолибликка эришган спортчилар 20 рейтинг очкосига эга бўлишди. Терма жамоа аъзолари 30 июнь куни Тошкентга қайтиб келади.