Америкалик актёр Том Круз 1986 йилнинг энг машҳур киноси – Top Gun’нинг давомида бош ролни ижро этади. Бу ҳақда Hollywood Reporter журнали хабар бермоқда.
Айтилишича, айни пайтда кинонинг сценарийси устида ишланмалар бошланган. Картина продюсери Дэвид Эллисон Мэверик лақабли лейтенант Пит Митчеллнинг ролини Том Круз ижро этишига ишора қилди.
Сценарий Жастин Маркс томонидан ёзилмоқда.
Эллисон берган маълумотга қараганда, кинода замонавий технология ва ўзгариб бораётган дунё кўрсатилади. Жумладан, дронлардан, робот самолётлардан ва бешинчи авлод самолётларидан фаол фойдаланилади.
Фильмнинг сиквели суратга олиниши ҳақида 5 йил муқаддам маълум қилинган эди. Аммо Paramount Pictures киностудияси беш йил давомида бу фильмга вақт ажрата олмай келди. Эндиликда ишлар бошлангани айтилмоқда.