2015 йил 19 июнь куни Вазирлар Маҳкамасининг “Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларининг янгиланган классификаторини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди.

Мазкур қарорга асосан, хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларининг янгиланган классификатори тасдиқланди ва 2015 йил 1 июлдан бошлаб амалга киритилиши белгиланди.
Классификаторда ишчиларнинг 5538та асосий касблари ҳамда хизматчиларнинг 2857та асосий лавозимлари берилган. Бу ҳақда xushnudbek.uz сайти хабар берган.

Классификатор қуйидаги ҳолатларда мажбурий ҳисобланади:
 —  хизматчилар лавозимлари ва ишчилар касблари номларидан фойдаланиш юзасидан - ходимларнинг меҳнат дафтарчаларига ёзувларни қайд этишда, меҳнат шартномалари тузишда, буйруқларни расмийлаштиришда, хизматчиларнинг лавозимларини ходимлар тоифаларига киритишда;
 —  ишга қабул қилишда ходимлар маълумотининг энг паст даражаси, ишчилар касблари бўйича тариф разрядларини белгилаш юзасидан — Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари билан ташкил этилган давлат корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида, хўжалик бошқаруви органларида, шунингдек устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган ташкилотларда.

Янгиланган классификаторда олдингисидан фарқли ўлароқ, олий таълим муассасаларини 2001 йилгача (ушбу йил ҳам киради) тамомлаган шахслар магистр даражасини олган шахсларга тенглаштирилди.

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги 2016 йил 1 январгача бўлган муддатда Классификатор базасида Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касбларининг тармоқлараро тариф-малака маълумотномаси ишлаб чиқилишини, ушбу маълумотноманинг электрон версияси вазирликнинг расмий сайтида жойлаштирилишини, шунингдек маълумотнома ташкилотларнинг буюртманомалари бўйича улар орасида пулли асосда тарқатилишини таъминлайди.