Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир неча моддалари билан қидирувга берилган 53 ёшли собиқ шифокор Маҳбуба Ғозиева Россия ваколатли органлари томонидан қўлга олинганди. Энди у Ўзбекистонга жўнатиб юборилди. Бу ҳақда мамлакат прокуратура янгиликлари сайти хабар бермоқда.

Манбанинг ёзишича, Ўзбекистоннинг ваколатли органлари мазкур жиноятчини тутиб бериш мақсадида Россия томонига мурожаат қилган. Эндиликда Маҳбуба Ғозиева Ўзбекистонга эсктрадиция қилинди.

Ғозиева Тошкент вилоятидаги туғруқхоналаридан бирида фаолият юритган бўлиб, ўзининг касбий мажбуриятларини тўғри бажармаслиги ва бепарволиги натижасида икки нафар бемор ўз вақтида жарроҳлик амалиётини ўтамаган ва бунинг натижасида икки нафар янги туғилган чақалоқнинг ўлимига сабаб бўлган.

Бундан ташқари Ғозиева бир қатор чақалоқлар касалликлари тарихини ёлғон маълумотлар билан тўлдирган ва вафот этган чақалоқларнинг ўлим сабабларини яшириб келган.

Мазкур жиноятчи 2014 йилнинг декабрида Россия ИИВ Москва вилоятининг шимолий-шарқий маъмурий округи томонидан ҳибсга олинганди. Бу давр мобайнида уни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилди ва ўрганиб чиқилди. Бугунги кунга келиб Россия прокуратураси уни Ўзбекистонга жўнатиб юборишга рухсат берди.