Ҳусийчиларга қарши курашаётган Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция кучлари 28 июнда хато туфайли Яманнинг Адан шаҳридаги БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) ваколатхонасига авиазарба берди. Бинога жиддий шикаст етди, қўриқчилардан бири яраланди. Бу ҳақда БМТ расмий вакили Фархон Хаққа иқтибос келтирган ҳолда Reuters ахборот агентлиги хабар бермоқда.

БМТ Бош котиби бу авиазарбани қоралаб чиқди. “Бош котиб Яманда узоқ муддатли тинчликка эришишнинг ягона йўли – тўқнашувнинг барча томонлари томонидан жанговор ҳаракатларнинг тўхтатилиши ва музокаралар ўтказишга қайтиш эканлигини яна бир бор таъкидлашига ишончи комил”, деб айтди Ҳақ.

Пан Ги Мун ушбу ҳолат бўйича тергов ўтказишни сўради.

Маълумот учун, БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) БМТ Бош Ассамблеяси доирасидаги ижрочи ташкилот бўлиб, 1965 йилда ташкил этилган. UNDP ривожланаётган давлатларга қашшоқлик ва атроф-муҳит ифлосланиши билан курашишга ёрдам беради. Ташкилот дунёнинг 170 дан ортиқ давлатида фаолият юритади.