Мустақиллик йилларида ўзбекистонлик олимлар пахта етиштириш соҳасида чинакам бурилиш ясади. Бу ҳақда академия президенти Шавкат Солиҳов маълумот берди.

Унинг сўзларига қараганда, марказ томонидан қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда “Ўзпахтасаноат” уюшмаси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ген-нокаут технологияси “порлоқ” туркумидан ноёб ген модификациясидан ўтган пахта навларини яратишга кўмак берди.

“Бу навдаги пахта юқори ҳосилдорликка эга бўлиш билан бирга, тезпишар ҳам ҳисобланади. Ундан олинадиган тола эса фақат Миср навларидангина ортда қолиши мумкин. Бугунги кунда “порлоқ” Ўзбекистонда ген муҳандислиги йўли билан яратилган ягона қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ҳисобланади. 4-5-тоифадаги тола берувчи навлардан 1-2-тоифадаги тола берувчи навнинг яратилиши катта янгиликдир”, – деди Шавкат Солиҳов.