Франциянинг жануби-шарқий қисмида жойлашган Сен-Кантен-Фаллавье шаҳарида (Изер департаменти) теракт амалга оширишда гумон қилинаётган 35 ёшли Ясин Солий "ИШИД" билан алоқаси борлиги сабаб ўз раҳбарининг бошини танасидан маҳрум қилганини инкор этмоқда. Бу ҳақда терговга яқин манбалардан бири маълум қилмоқда.

Гумонланувчи ушбу жиноятни рафиқаси ва бошлиғи билан низолар сабабли амалга оширганини таъкидламоқда.

26 июнь куни гумонланувчи автомобилда газ баллонлари ишлаб чиқариладиган корхона ҳудудига кириб, автомобилини кўчада турган газ тўлдирилган идишларга бориб урган. Воқеа жойида экстремистик байроқ ва танадан жудо қилинган бош топилган.

Тергов маълумотларига кўра, Солийнинг бошлиғи Эрве Корнар унинг жинояти қурбони бўлган. Солий сўроқ пайтида ўз бошлиғини ўлдириб, кейин бошини олиб ташлаганини тан олган.

Франция Ички ишлар вазири Бернар Казнёв Солийнинг 2006-2008 йиллар давомида салафийлар билан алоқаси туфайли француз ҳуқуқ-тартибот муассасалари кузатувида бўлганини маълум қилган. Солий аввал судланмаганлиги айтилмоқда.

Жиноят қурбони Эрве Корнар Франция ҳудудида теракт оқибатида бошидан жудо қилинган биринчи қурбон бўлди. Бу амалиёт "ИШИД" террорчилик гуруҳи томонидан Ироқ ва Сурияда кенг қўллаб келинади.