Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ўз рафиқаси, Бокуда ўтказилган Европа ўйинлари ташкилий қўмитаси раиси бўлган Меҳрибон Алиевани мамлакатдаги энг олий мукофот – Ҳайдар Алиев ордени билан мукофотлади. Бу ҳақда мамлакат президенти сайтида маълум қилинди

Меҳрибон Алиевани тақдирлаш ҳақидаги қарор 29 июнда имзоланди. Алиева ушбу мукофот билан “Озарбойжондаги маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт соҳаларини ривожлантириш, Озарбойжон халқи маданиятини халқаро миқёсда тарғиб қилиш ва илк Европа ўйинларини ташкил этишдаги катта хизматлари учун” тақдирланди.

Орден мамлакатнинг биринчи рақамли аёлига мусобақаларда ғалаба эришган спортчилар ва уларнинг мураббийлари билан бўлган учрашувда берилди. Меҳрибон Алиева ҳам ўз навбатида ушбу мусобақалар ўтказилган 17 кун давомидаги ажойиб лаҳзалар учун ўз турмуш ўртоғига миннатдорчилик билдирди.

Маълумот учун, Илҳом Алиев ва Меҳрибон Алиева 1983 йилда турмуш қуришган. Уларнинг икки қиз ва бир ўғил фарзанди бор.

“Ҳайдар Алиев” ордени 2005 йилда Илҳом Алиевнинг отаси, 2003 йилда вафот этган Озарбойжоннинг собиқ президенти Ҳайдар Алиев шарафига таъсис этилган. Ушбу орден юлдуз, нишон ва орден занжиридан иборат. Ушбу орден билан мамлакат фаровонлигини таъминлашдаги юксак хизматлар, Озарбойжон шон-шуҳратини юксалтириш, ватанни ва давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ишида мардлик ва жасорат кўрсатган Озарбойжон фуқаролари (баъзи ҳолларда хорижликлар ҳам) тақдирланишади.