Канада яна 3 нафар Россия фуқароси ва 14 юридик шахсга нисбатан иқтисодий санкциялар киритди. Бу ҳақда Канада бош вазири Стивен Харпер сайтидаги хабарда маълум қилинмоқда.

Шунингдек, Канадада Россия томонидан босиб олинган ҳудуд деб ҳисобланувчи Қримга нисбатан ҳам импорт-экспорт чекловлари қўлланади.

Харпернинг айтишича, Канада янги санкцияларнинг киритилиши борасидаги қарорни ўзининг иттифоқчилари билан келишган ҳолда қабул қилган.

Канада Ташқи ишлар вазирлиги сайтидаги маълумотларга кўра, санкциялар Евроосиё ёшлар иттифоқи раҳбарлари Александр Дугин, Павел Канишев ва Андрей Коваленко ҳамда нефть-газ соҳасида фаолият юритувчи корпорациялар ((“Газпром”, “Газпром нефть”, “Сургутнефтегаз” ва “Транснефть”), бир қатор, жумладан “Оборонпром”, Бирлашган авиасозлик корпорацияси ва «Станкоинструмент» каби компаниялар ҳамда “Тунги бўрилар” байкерлар клубига нисбатан киритилган.

Ўтган йилнинг март ойида Канада АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари кетидан Россия ва Қрим амалдорларига нисбатан санкциялар киритган эди. Бундан кейин расмий Оттава “қора рўйхатлар”га янги исмлар ва корхоналарни қўшган ҳолда, бу чеклов чораларини бир неча марта кенгайтириб борган.