Россия президенти Владимир Путин 30 июнда тадбиркор Алишер Усмонов билан учрашади. Учрашув пайтида Усмоновнинг спорт соҳасидаги фаолияти хусусида суҳбат қурилиши мумкин. Бу ҳақда журналистлар билан матбуот-анжумани давомида Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков маълум қилди.

Охирги ҳафталарда Усмонов футбол бўйича Россия терма жамоаси бош мураббийи Фабио Капеллога маошини узоқ вақтдан бери бера олмаётган Россия футбол иттифоқи номи билан боғлиқ ҳолда кўп маротаба тилга олинмоқда. 22 июнь куни Усмонов РФИга яна 300 млн рубль ажратишини айтган эди. Бу маблағлар мураббий маоши бўйича қарзни тўлашга ишлатилди.

Италиялик мутахассиснинг шартномаси бўйича, шартнома иш берувчи, яъни РФИ томонидан бир томонлама тарзда бекор қилинса, Капелло 21,6 млн евро, яъни шартномада кўрсатилган бутун қиймат (32,6 млн евро)дан 2014 йил 24 январда унга тўланган маошни олиб ташлагандан қолган маблағни олади. Бунда РФИнинг умумий қарзи 2015 йилнинг май ойига қадар 1,4 млрд рублдан 2 млрд рублгачани ташкил қилган.

24 июнда РФИ Усмоновга у берган 300 млн рублни кечиб юборишни сўраб илтимос билан мурожаат қилган эди. “Алишер Бурхонович шундай меҳрибон одамки, ҳатто қарзни кечириб юбориши ҳам мумкин. Бироқ бизнинг мурожаат ҳозирча жавобсиз қолмоқда”, деб айтди РФИ президенти лавозимини вақтинчалик бажарувчи Никита Симонян матбуот-анжумани пайтида.

2015 йилнинг февралида ҳам Усмонов РФИга 400 млн рубль кредит берган эди.

Маълумот учун, Forbes нашрига кўра, Алишер Усмонов USM Holdings асосчиси ва асосий акционери ҳисобланади. Бу холдинг Усмоновнинг тоғ-кон саноати ва металлургия (“Металлоинвест”), телекоммуникация (“МегаФон”), интернет (Mail.Ru Group ва DST Global), телевидение (“ЮТВ Холдинг”) соҳаларидаги активларини бирлаштиради. Нашр Усмоновнинг бойлигини 14,4 млрд долларга баҳоламоқда. 2014 йилда Россияда энг бадавлат одам сифатида эътироф этилганди, бироқ 2015 йилда Владимир Потанин ва Михаил Фридмандан кейин бу борада 3-ўринни эгалламоқда.