Бугун ЎФФ анжуманлар залида Тошкентнинг “Локомотив” клуби ва Англиянинг “Флитвуд Таун” жамоалари ўртасида бошланадиган ҳамкорлик муносабати билан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Матбуот анжуманида “Локомотив” вакиллари билан бир қаторда “Флитвуд Таун” клуби бош директори Стив Курвууд ва спорт директори Гретар Стейсонлар иштирок этдилар.

Стив Курвууд: Бу менинг Ўзбекистонга қилган илк ташрифим. Дарҳол айтишим лозим, об-ҳаво жуда иссиқ экан. Аммо иқлим қай даражада иссиқ бўлмасин, сизнинг кутиб олишингиз унданда тафтлироқ бўлди.

Бизнинг клубимизни ёш жамоа деса бўлади. Биз жойлашган худудда 20 га яқин профессионал жамоалар бор. Улар орасида сиз биладиган кучли клублардан “МЮ” ва “Ливерпул” кабилар бор. Шундай экан, бизнинг худуд футбол тарихи жуда бой. Биз премьер лигага чиқишни мақсад қилиб олганмиз. Инглиз футболининг бошқа чемпионатлардан фарқи шундаки, элитага чиқиш учун ўнта босқични босиб ўтиш лозим. Биз ушбу босқичдан 7 тасидан ўтиб бўлганмиз. Премьер лигага етишнинг мураккаб, аммо манфаатли томони шундаки, сўнгги ўринда қолсангиз ҳам 19-20 миллион евро мукофот пули берилди. Бунинг учун эса ҳар қанча ишласанг арзийди.

Премьер-лигага чиқиш учун кўп сармоя киритиш лозим. Кучлилар орасига кириш учун кучли футболчилар сотиб олиш талаб қилинади. Аммо биз бошқача йўлдан кетдик. Биз иқтидорларни ёшликдан тарбиялашни истаймиз. Шу сабабли хорижда ҳамкорлар қидирамиз. “Локомотив” билан ҳамкорликнинг мақсади шуки, биз юртингизда иқтидорли футболчиларни топмоқчимиз. Биз бундай иқтидорларни асосан ривожланаётган давлатлардан қидирамиз. “Локомотив” билан ҳамкорлигимиз боиси ҳам шунда.

Илгари “Локомотив” клуби ҳақида эшитмаганмиз. Албатта Ўзбекистон ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлганмиз, аммо ўзбек футболи ҳақида маълумотларимиз чегараланган эди. Аммо ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳақида шартнома имзолаганимиздан сўнг юртингиз ва футболингизни кўп ўргандик.

Гретар Стейнсон: Ўзбекистонга қилган ташрифимизнинг асосий мақсадимиз – “Локомотив”нинг иқтидорли футболчиларини кўздан кечириш. Иккинчи июлда бўладиган назорат ўйинлари вақтида иқтидорларни кўриб чиқамиз. Мен шунга аминманки, гарчи футбол Англияда пайдо бўлган бўлсада, хориждан ўрганадиган нарсалар ҳам жуда кўп.

- Ҳамкорлик фақат “Локомотив” доирасида чегараланиб қоладими? Чунки бундай ҳолатда кўзланган мақсадга эришиш қийин бўлади.
- Биз бу ташаббусни бошлашимиздан мақсад шуки, бошқа ўзбек клублари ҳам шу йўлдан кетиши ҳам хориждаги ҳамкорларни футболимизга жалб қилишини истаймиз.

Стив Курвууд: Бирданига бутун футболингизни қамраб олиш жуда қийин. Яна бундай ҳолатда эътибор сусайиши ва бошланган иш қолиб кетиши мумкин. Шу сабабли биз маълум худудда битта ҳамкор билан ишлашни истаймиз. Айни вақтда биз учун истиқболли ҳамкор “Локомотив” клуби бўлиб турибди.

- Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатини кузатдингизми ва футболимиз ҳақида қандай тасаввур пайдо бўлди? Биздан ҳар ҳолда яқин орада Месси ва Роналдулар чиқмаса керак...
- Биз учун Месси ва Роналду бўлиши шарт эмас. Футбол ривожланишининг асосий кўрсаткичи - йил ўтгани сари ўсишга эришишдир. Агарда сизда иш бораётган бўлса, демак ўсиш ҳам бор. Биз яхши ўйин тарафдоримиз. Шу сабабли ҳам иқтидорларни қидирмоқдамиз.

- Бундай ҳамкорликнинг мевасини кўриш учун узоқ йиллар иш олиб бориш лозим бўлади. Бунинг учун жамоангизнинг сабри етадими?
- Ҳа. Муваффақиятга эришиш учун бир-икки йил етарли бўлмаслигини биламиз. Агар кимдир тез ғалабага эришишни истаса, тез завол топиши ҳам аниқ. Биз аввал пойдеворни мустаҳкамлашни истаймиз. Ўйлайманки агар бу ҳамкорлик ривож оладиган бўлса нафақат бизнинг клубимиз, балки ўзбек футболи учун ҳам катта фойда келади.

- Футболчиларни танлаш критерияси қандай? Қайси асосларга кўра улар футболчиларни танлаб оладилар?
- Меҳмонларнинг вақти чегаралангани туфайли биз академия футболчилари орасидан иқтидорларни танлаб олиб, уларга тавсия қилмоқдамиз. “Дўстлик” стадионида ўртоқлик ўйини ташкил қилинади ва меҳмонлар барчани кузатиш баробарида биз тавсия қилганларни ҳам кўздан кечирадилар. Сўнгра уларга маъқул келган футболчилар Англияга йўл оладилар ва у ерда 6 ой мобайнида кўрикда бўладилар.

- Футболчилар билан боғлиқ ҳаражатларни ким кўтаради.
- “Флитвуд Таун” жамоаси ўз зиммасига олади.

- Кўрик жараёни 6 ойни ўз ичига олса, ундан кейин футболчиларнинг тақдири қандай бўлади?
- Англия футбол федерацияси регламентига биноан футболчи профессионал мақомда бўлиши учун Ўзбекистон терма жамоаси ФИФА рейтингида 50 ўриндан тепада бўлиши лозим бўлади. Бизнинг мақсадимиз – ўзаро тажриба алмашиш.

- Бу ҳамкорликдан “Флитвуд Таун”га қандай фойда бор? Футболчиларни Англияга таклиф этиб туриш мутаносиблиги қандай бўлади?
- Биз бу ҳамкорликни энди йўлга қўймоқдамиз ва бу борада етарлича тажрибага эга бўлишни истаймиз. Хорижлик футболчи Англияда ўзини қандай ҳис қилади, у билан мулоқот яхши йўлга қўйиладимиз – шуни синовдан ўтказмоқчимиз. Фақат шундан сўнг аниқ муддатлар ҳақида гап бўлиши мумкин.

- Англияда менежмент яхши йўлга қўйилган. Клубингиз ниманинг ҳисобига кун кўради.
- Бизда стадионлар йилига 365 кун банд бўлади. У ерда футбол ўйинидан ташқари турли тадбирлар бўлиб ўтади ва бунинг ортидан клубимизга пул келади. Шундай бўлсада асосий даромад барибир чипталар савдосидан тушади. Шунингдек телетрансляция учун телевидение бизга йилига 1 миллион фунт пул тўлайди. Бу эса яхши пул дегани. Шунингдек футболчиларни сотишдан ҳам яхши даромад топамиз. Масалан бир неча йил муқаддам “Лестер Сити”га сотилган Жим Уорди ҳамон бизга даромад келтирмоқда. Трансфер шартномаси шундай тузилганки, агарда “Лестер” премьер лигага чиқса ҳам, ёки у ердаги ўрнини сақлаб қолса ҳам бизга келган фойдадан фоиз бериши лозим. Шунингдек бошқа клубга сотса ҳам улушимизни чиқариб беради. Клубимиз даромади мана шулардан иборат.

Манба: uff.uz