Forbes журнали 17-марта энг катта гонорарларга эга юлдузлар рейтингини эълон қилди. Рўйхатдан 100 исм ўрин олди.
Бунда уларнинг нафақат асосий ишидан, балки реклама шартномаларидан ва шахсий бизнесларидан келадиган даромад ҳам ҳисобга олинди.
Рўйхат чўққисини боксчи Флойд Мэйуэзер эгаллади – 2014 йилнинг 1 июнидан 2015 йилнинг шу кунига қадар у 300 млн доллар ишлаб топди.

Иккинчи ўринни Мэйуэзернинг филиппинлик рақиби, машҳур боксчи Мэнни Пакьяо 160 млн доллар билан эгаллади. Қизиғи, 2 май куни у айнан Мэйуэзердан мағлуб қилинган эди. Шунга қарамай, бу учрашувдан филиппинлик юлдуз 125 млн доллар ишлаб топди.

Учинчи натижа америкалик хонанда Кэти Перри томонидан қайд қилинди. Prismatic World Tour дастуридан 30 ёшли қўшиқчи жами 135 млн доллар ишлади. Бунинг учун 126 шоу уюштиришга тўғри келди, шулардан 75таси АҚШдан ташқарида қўйилди.

Шунингдек, кучли ўнликдан Буюк Британиянинг One Direction гуруҳи (130 млн доллар), америкалик радиобошловчи Говард Стерн (95 млн доллар), кантри услуби етакчиларидан Гарт Брукс (90 млн доллар), ёзувчи-беллетрист Жеймс Паттерсон (89 млн доллар), актёр Кичик Роберт Дауни (80 млн доллар), қўшиқчи Тэйлор Свифт (80 млн доллар), футболчи Криштиану Роналдулар (79.5 млн доллар) ўрин олди.