Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати қошидаги давлат чегарасини қўриқлаш хизмати Қирғизистон чегарачилари томонидан ўзбекистонлик ҳамкасбларининг ўққа тутилиши юзасидан расмий муносабат билдирди.
Матбуот хизматининг маълум қилишича, 29 июнь куни соат 10:30да номаълум сабабларга кўра Қорашўро заставаси чегарачилари Ўзбекистон МХХ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларини ўққа тутган. Бунинг натижасида ўзбекистонлик чегарачилардан бири яраланган. Унинг аҳволи жуда оғир дея баҳоланмоқда.
“Воқеа жойида томонларнинг туман ва вилоят чегара аппаратлари вакиллари даражасида учрашув ўтказилди. Унда воқеа фактлари муҳокама қилинди. Қирғизистон вакиллари ўзбекистонликларни ушбу воқеада айблашга ҳаракат қилишди, лекин ашёвий далиллар келтира олмади. Шунга қарамай, вакилларнинг алоҳида суҳбати жараёнида полковник У. Шаршеев ўзбекистонлик чегарачиларга қарши эътирози ва далиллари йўқлигини тан олиб, бўлиб ўтган воқеалардан афсусдалигини билдирди ва кечирим сўради”, – деди матбуот хизмати вакили.
Аниқланишича, айнан шу застава шахсий таркиби 16 июнь куни маст ҳолда Ўзбекистон фуқаросини калтаклаган. Бунинг натижасида фуқаро Ф. Насриддинов 17 июнь куни шифохонада вафот этган.