Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Собир Мавлоновнинг маълум қилишича, Ўзбекистонда мустақиллик йилларида аҳоли жон бошига йиллик гўшт истеъмол миқдори 1,3 баравар кўпайган. Бу ҳақда у Тошкентда ўтказилган “Ўзбекистон чорвачилиги: эришилган натижалар, истиқболдаги вазифалар” мавзусидаги матбуот анжуманида айтиб ўтди.

"Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ялпи улушининг 42 фоизи чорвачилик ҳиссасига тўғри келмоқда. Бунга чорва молларини кўпайтириш ва маҳсулдорликни ошириш ҳисобига эришилмоқда. Мисол учун, 2006-2014 йилларда Украина, Беларусь, Польша, Австрия, Германия, Голландия каби мамлакатлардан 46 мингга яқин юқори маҳсулдор қорамол олиб келинди. Улардан 163 минг бузоқ олинди. Наслчилик хўжаликларида сигирлардан кунига 20-30 килограммдан сут олинмоқда", Собир Мавлонов.

Унинг айтишича, сўнгги беш йилда қорамоллар 121 фоизга, майда шохли моллар 120 фоизга, парранда 1,5 марта кўпайди. Бу гўшт ишлаб чиқариш 130, сут 138 ва тухум етиштириш 162 фоизга ўсишини таъминлади. 2014 йилда ишлаб чиқарилган чорвачилик маҳсулотларини аҳоли жон бошига ҳисобланганда бир йиллик истеъмол миқдори 1990 йилга нисбатан гўшт 1,3, сут 1,6 ва тухум 1,5 марта кўпайган. 

Шахсий ёрдамчи, деҳқон ва фермер хўжаликларига сервис хизматлар тармоғини кенгайтириш мақсадида 2006-2015 йиллар давомида 845 зооветеринария шохобчаси ташкил қилиниб, уларнинг сони 2613 тага етказилган.

"Мамлакатимизда паррандачилик, балиқчилик ва асаларичиликни ривожлантириш ҳам доимий эътиборда. 2015 йил 1 январь ҳолатига 1 минг 280 паррандачилик хўжалиги мавжуд бўлиб, шундан олтмишга яқин йирик хўжаликда 10,5 миллиондан ортиқ парранда парваришланмоқда. Балиқчиликни ривожлантириш мақсадида жорий йилда қўшимча 700 балиқчилик хўжалиги ташкил этиш ҳисобига 2 минг 200 дан зиёд янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган. Ҳозир асаларичилик билан шуғулланувчи субъектлар 9 минг 448 тани ташкил этиб, 2011 йилга нисбатан 135 фоизга, асалари оилалари 168,3 фоизга кўпайди", дейди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Собир Мавлонов.