Тошкентда 45 ёшли Алимардон Самадов фуқаро Алексей Сергеевни пичоқлашда айбланиб, судланди. Бу ҳақда “Ҳуқуқ” газетаси ахборот берди.
Сергеев 11 йилга қамалиб кетганидан сўнг унинг маъшуқаси Ильмира Сидорова ўзи официант бўлиб ишлайдиган ресторан ҳайдовчиси Алимардон Самадов билан тил топишиб, фуқаролик никоҳида яшай бошлаган эди. Қамоқдан чиқиши ҳамон маъшуқасини қидира кетган Сергеев Сидоровага қўнғироқ қилиб, “ўзига қайтишга” кўндира бошлади.

Бундай муносабатлардан шубҳалана бошлаган Самадов бир куни таёқ билан норасмий турмуш ўртоғини калтаклади. Сидорова Сергеевга қўнғироқ қилиб, буни айтди. Шунда икки эркак “ҳисоб-китоб” қилишга келишиб олишди.
Деҳқон бозори олдида Сергеев билан Самадов учрашиб, ҳеч қандай оғзаки келишувларсиз бир-бирига ташланиб кетди. Самадов Сергеевнинг қорнига пичоқ билан зарба берди. Сергеев оғир аҳволда шифохонага ётқизилди. Самадов эса воқеа жойидан қочиб кетди. Аммо у ҳуқуқ-тартиботчилар томонидан тез орада топилиб, судга топширилди.