Россияга қарши жорий қилинган иқтисодий чекловларга қарамасдан, “Металлоинвест” руда қазиб олиш ҳажмини 3 фоизга оширишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда холдингнинг эгаларидан бири, миллиардер Алишер Усмонов Россия президенти Владимир Путин билан ўтказилган учрашув чоғида маълум қилди.

“Металлоинвест” саноат холдингимиз ишлаб чиқариш суръатларини туширмади, аксинча, санкцияларга қарамай, биз ҳажмларни 3 фоизга оширдик”, – унинг сўзларини келтиради ТАСС агентлиги.

Бундан ташқари, давлат раҳбарининг илтимосига кўра Усмонов мамлакат иқтисодиётининг келажаги ҳақида фикр билдирди:
“Бугун иқтисодиётда бўлаётган барча ўзгаришлар ташқи омиллар билан янада қийинлаштирилмоқда. Улар компанияларимизни технологик ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда, меҳнат самарадорлигини ошириш жараёнини секинлаштиради. Шунга қарамай, улар коллективларимизни бирлаштириш вазифасини ҳам бажармоқда”.