2015 йилнинг дастлабки олти ойи ичида Ўрта ер денгизидан Европага 137 минг муҳожир келди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткичдан (75 минг киши) 83 фоизга кўпроқдир. Бу маълумотлар БМТ қочқинлар бўйича олий коммисари бошқармаси томонидан тайёрланган ҳисоботда акс этган.

Башоратларга кўра, июль-декабрь ойлари орасида муҳожирлар ва қочқинлар оқими янада кучаяди. Хусусан, 2014 йилнинг иккинчи ярмида ҳам муҳожирлар сони биринчи ярмидагига нисбатан икки баробар кўп бўлган эди.

Греция ва Италияга денгиз орқали кириб келаётган қочқинларнинг 30 фоизи сурияликлардир. Улар орасида Афғонистон ва Эритрея фуқаролари ҳам бор. Ҳисоботда таъкидланишича, уларнинг бари Европада қочқин мақомига эга бўла олади.
Муҳожирлар тахминан икки йўналиш бўйича Европага кириб келмоқда: Туркия орқали Грецияга кирувчи йўл “шарқий йўналиш”ни, тўғридан-тўғри Африка орқали Италияга кирувчи йўл эса “марказий йўналиш”ни ташкил қилади. Айни кунларда шарқий йўналиш орқали кириб келаётган муҳожирлар сони кўпроқдир.