Массачусетс технологик институтининг стартап компанияларидан бири айлана шаклдаги фотоаппарат яратди. У фавқулодда вазиятларда хавфли инсонларни тез орада бино ичида ёки маълум ҳудудда топишга ёрдам беради. Камера ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлланиши кўзланмоқда.

Уч йиллик ишланмалардан сўнг Bounce Imaging компанияси Explorer камерасини ишлаб чиқаришга тайёрлигини маълум қилди. Теннис коптогидан сал кичикроқ бўлган бу камера резина қоплама билан ҳимояланган, шу боис уни ҳақиқий тўп сингари улоқтириб юбориш мумкин. Камера олти объективга эга. Объектларнинг ҳар бири секундига бир нечта сурат яратади. Ўрнатилган процессор барча тасвирларни бирлаштириб, 360 даража атрофни кўрсатадиган панорамага айлантириб беради. У ўз навбатида фойдаланувчининг смартфонига етказилади.

Бундай камера махсус қўшинларга ёки полициячиларга бино ичида яширинган жиноятчиларни кўришга, вайроналар остида қолган одамларни қидириб топишга ёрдам беради.
Explorer камерасини Гарвард университети талабаси 2010 йили Гаитида содир бўлган зилзиладан сўнг ўйлаб топди. Вайроналар остидаги одамларни қидиришда қутқарув хизматлари оптик тола орқали тасвир узатувчи камералардан фойдаланишган эди. Аммо бундай камераларнинг кўплаб камчиликлари бор эди.
2012 йили у ўз кашфиёти учун MassChallenge танловида 50 000 доллар ютиб олди. Ишланмалар ОАВ орқали ёритилди, сўнг эса тегишли ташкилотларнинг қизиқишига сабаб бўлди.
Камеранинг биринчи партияси 100 нусха миқдорида чиқарилади. Компания келажакда камера дизайнини янада такомиллаштиришни режалаштирмоқда. Жумладан, Explorer’нинг кейинги версиялари ис гази, радиация ва ҳарорат датчикларини олиши мумкин.
Камеранинг айни пайтда сотувда мавжуд икки версияси 1 495 ва 2 495 доллар туради.