Индонезияда 30 июнь куни Hercules С-130 ҳарбий самолётининг меҳмонхона ва уй-жойлар устига қулаши натижасида қурбон бўлганлар сони 141 кишига етди. Бу ҳақда France 24 хабар бермоқда.

"Биз ҳалокат қурбони бўлган 141 кишининг жасадини қабул қилдик", дейилади Медан шаҳри шифохонасида.

Эслатиб ўтамиз, 30 июнь куни Индонезияда ҳарбий транспорт самолёти Медан шаҳридаги меҳмонхона устига қулаши оқибатида камида 30 киши ҳалок бўлгани ҳақида маълумот берилганди.

Самолёт Медандаги ҳарбий ҳаво базасидан Натуна оролига учиб кетаётган эди, аммо бир неча дақиқалик парвоздан сўнг ҳалокат содир бўлди.

Охирги маълумотларга кўра, самолётда 113 киши кетаётган бўлган. Қурбон бўлганларнинг 45 нафари эса меҳмонхонадагилар ва қўшни уйдагилар бўлган.