Ислом Каримов Қашқадарё вилоятига сафар уюштирди

Ўзбекистон 01 Июль 2015 12942

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан танишиш мақсадида 30 июнь куни Қашқадарё вилоятига келди.

Қашқадарё вилоятида ҳам улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Иқтисодий-ижтимоий инфратузилма ривожланиб, шаҳар ва қишлоқлар қиёфаси тубдан ўзгариб бормоқда. 

Кейинги йилларда вилоят маркази Қарши шаҳри ҳар томонлама ривожланиб бормоқда. Айниқса, шаҳарнинг 2700 йиллиги муносабати билан кўҳна Насаф янада гўзал ва обод масканга айланди. 

Бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Давлат раҳбарининг 2013 йил 25 июлдаги “Қарши шаҳрини келажакда қайта қуриш режаси ва замонавий йўл-транспорт коммуникацияларини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори асосида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. 

Қарши шаҳрининг ҳудуди кенгайтирилмоқда. Янги автостанция ва вокзаллар, кўпқаватли уй-жойлар, боғ ва хиёбонлар, хизмат кўрсатиш объектлари бунёд этилмоқда. 

Йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш мақсадида узунлиги 56 километр бўлган ҳалқа йўли қурилмоқда. Унинг темир йўл ва дарёлар билан кесишадиган нуқталарида 6 замонавий йўл ўтказгич ва кўприклар бунёд этилмоқда.

Ҳалқа йўлининг Қашқадарё дарёсини кесиб ўтадиган қисмида узунлиги 108, эни 27 метрлик янги кўприк барпо этилди. Амир Темур кўприги реконструкция қилинди. 

Президентнинг вилоятга сафарини ушбу кўприклар билан танишишдан бошлади. 

"Бир пайтлар Қашқадарё деганда одамларнинг кўз олдига чўл келарди. Қурилиш ва ободонлаштириш ишларига эътибор йўқ эди. Бажарилган қурилишлар ҳам мендан кетгунча, эгасига етгунча қабилида, ҳисобот учун қилинарди. Мустақиллик йилларида узоқни кўзлаб, изчиллик билан амалга оширган ишларимиз самарасида Қарши шаҳри обод ва фаровон бўлиб бормоқда. Буни замонавий иншоотлар, мана шундай кўприклар мисолида яққол кўришимиз мумкин", деди Ислом Каримов.

Давлат раҳбари кўприклар атрофини ободонлаштириш, йўл ва дарё бўйларига ҳудуднинг табиий иқлим шароитига мос манзарали дарахтлар ўтқазиш, аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун зарур бўладиган барча шароит ва қулайликларни яратиш кераклигини таъкидлади. Дарёнинг икки қирғоғини мустаҳкамлаш, соҳилбўйини ободонлаштириш, қайиқ станцияси ташкил этиш юзасидан кўрсатмалар берди. 

Президент Қарши шаҳрининг Ўзбекистон кўчасида бунёд этилган кўпқаватли уйларни бориб кўрди. 

Илгари бу ерда режасиз қуриб ташланган, кўримсиз, пастқам уйлар бўларди. Улар кенг ва равон йўлга мутлақо мос келмас, шаҳарнинг замонавий қиёфасини бузиб турар эди. 

Шаҳарнинг бош режасига мувофиқ, мазкур кўчада замонавий кўпқаватли уй-жойлар барпо этилди. Уларнинг юқори қаватларида кенг ва шинам хонадонлар бўлиб, биринчи қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари жойлашган. 

Биноларнинг биринчи қавати девори гранит, юқори қаватлари оқ мармар билан қоплангани ажиб чирой бахш этган. Бундай архитектура чанг-ғуборни сездирмай, бинонинг асл қиёфасини сақлашда муҳим аҳамият касб этади. 

"Бунёдкорлик ишларига бутун қалб қўрини бағишламоқ керак. Ободлик кўнгилдан бошланади, деган сўзлар халқимиз қалбидан чуқур жой олди, эзгу даъватга айланди, деди Президентимиз. Одамлар ўз уйини, кўчасини, маҳалласини обод қилишга, бахтли ҳаёт кечиришга интилиб яшамоқда. Бу уй-жойларни қуришдан мақсадимиз ҳам халқимизнинг обод ва фаровон яшашини таъминлашдир. Улардаги шароит, атрофдаги муҳит ҳам шунга мос бўлиши керак. 

Ҳар бир шаҳарнинг бош режаси устида ишлаганда, бино ва йўллар қураётганда беш-ўн йилни эмас, балки узоқ истиқболни ўйлаб иш юритиш лозим. Улар ҳар томонлама мукаммал манзара ҳосил қилсин, шу билан бирга, пишиқ ва мустаҳкам бўлсин, нафақат бугунги, балки келажак авлодларимизга ҳам хизмат қилсин", дейди Ислом Каримов. 

Давлат раҳбари қурилиш ва ободонлаштириш ишларини изчил давом эттириш, шаҳар қиёфасини янада яхшилаш, аҳолининг дам олиши учун янада кўпроқ қулайликлар яратиш, йўл бўйларини кўкаламзорлаштириш ва фаввораларни замонавий технологиялар асосида такомиллаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берди. 

Кун янгиликлари
Банкдаги конвертация машмашаси: «Рўйхатда йўқлар»га хизмат йўқми?
16:50 / 22.08.2017 44188 Ўзбекистон
Ёдгор Саъдиев мудраган ижод аҳли, тирикчиликка айланган ижод, ёш актрисалар ва тўйлар ҳақида 
10:33 / 22.08.2017 61609 Маданият
Фарғона вилояти ҳокими Сўх тумани, уй-жой муаммоси, табиий газ ва аҳолининг бошқа муаммолари ҳақида (видео)
20:30 / 21.08.2017 34093 Жамият
Artel Technical School «Келажак мактаби» ўқув нархларини пасайтирмоқда!
20:02 / 21.08.2017 19288 Жамият
Халқ таълими вазири билан очиқ суҳбат: янги вазирлик, 10-синф, пахта терими, коррупция ва йиғди-йиғдилар
23:29 / 20.08.2017 73680 Жамият
Ногиронлик ва мазлумлик исканжасида: бир аёл яхшилар саховатидан умидвор 
15:55 / 18.08.2017 59868 Жамият
Навоий вилоятида қўшмачи эркак қўлга олинди
16:45 626 Жамият
Маъмурий ислоҳотлар Концепцияси лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди
«Made in Uzbekistan» бренди Тожикистон бозоридан Хитой маҳсулотларини сиқиб чиқармоқда
Араб коалицияси Ямандаги меҳмонхонага авиазарба берди
16:35 547 Жаҳон
Кўпроқ янгиликлар