Аҳли сунна уламолари ўтган жума куни, Кувайтдаги шиаларга тегишли масжидда содир этилган терактни қаттиқ қораладилар. "Дунёмиз ақлдан озди ва баъзи одамларни қайсар ва носоғлом оқимлар ўз домиға тортмоқда", деди машхур Ислом мутафаккири Ториқ Рамадон.

"Бунга ўхшаш, масжидларга бўлаётган ҳужумлар Исломга зиддир ва динимизни ёмонотлиқ қилишга қаратилган, деб ёзди Facebook ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида Ториқ Сувайдан. - Мен барчани фирқачиликдан келиб чиқаётган, вахшиликлар содир этаётган бундай жинойи гуруҳларга қарши туришингизга чақираман".

Имом Содиқ номидаги шиалар масжидидаги хуруж бинода икки мингдан зиёд одам бўлган вақтда содир этилган. Камида йигирма тўрт одам ўлган. Бу жиноятни ИШИДга боғлиқ бўлган гуруҳ ўз бўйнига олган.

Кувайт парламенти депутати Солиҳ Ашурнинг: "Бугун биз террор ва такфирчилик қаршисида бирлашганмиз", деганини Gulf News иқтибос қилди.

"Бегуноҳ одамларни ўлдиришда масжидга ўхшаган, жойнинг танланиши ҳамда Рамазон ойи каби муқаддас ой танланиши бу жиноятчиларнинг иймонсиз эканини кўрсатмоқда", деб таъкидлади Ислом уламоси Ҳолид Мазкур.

Салмон Ауда ҳам ушбу мудхиш жиноятни қаттиқ қоралаб чиқди.

Манба: info.islom.uz