Испаниялик авиадиспетчерлар сайёҳлик мавсуми авжида бўлган июль ойида 4 кун иш ташлаш ўтказишларини эълон қилдилар.

Улар ишдан бўшатиб юборилган ҳамкасбларини қайта ўз лавозимида тикланиши ва 2010 йилда иш ташлаш ўтказган авиадиспетчерларга қарши яна 61 та ҳолатнинг бекор қилишишини талаб қилмоқдалар.

2010 йилнинг декабрида ўтказилган диспетчерлар забастовкаси туфайли Испания ҳаво ҳудуди ёпиб қўйилган эди ва мамлакатда 72 соат давомида фавқулодда вазият киритилган эди. Фуқаролик аэропортлари ва авиаалоқалар оператори Enaire ушбу иш ташлашларда иштирок этган диспетчерлар бутун Испания бўйлаб 20 га яқин суд маҳкамаси томонидан айбсиз деб топилганига қарамасдан, уларни жавобгарликка тортишга қарор қилган. Биргина Гава муниципалитети суди диспетчерларни иш ташлашлар ўтказишда айбдор деб топган.

Авиадиспетчерлар касаба уюшмаси USCA 11, 12, 25 ва 26 июль кунлари забастовкалар ўтказилишини маълум қилди. Авиадиспетчерлар 11 ва 25 июль кунлари соат 10.00 дан 13.00 гача ва 12 ва 26 июль кунлари 17.00 дан 20.00 гача ўз ишларини тўхтатадилар.